1910-1911 йиллар давомида рус зобитлари Парфенов ва Фенинлар томонидан яратилган харитада Шайх Рангрез масжиди  #010 рақами остида белгиланган. ХVII аср.

Масжид Бухоро эски шаҳрининг жануби-шарқий қисмидаги Шайх Рангрез гузарида жойлашган. Шайх Рангрез гузари машҳур этнограф, шарқшунос олима О.А.Сухареванинг методологиясига кўра, ўзига ҳамном Шайх Рангрез жариби (мавзеси)га тегишли бўлган.

Ўтган асрнинг 20-йиллари охиридаги Тропик касалликлар институти олиб борган тадқиқотлар натижаларига кўра, Шайх Рангрез  (гузарнинг иккинчи номи Дарвозаи Қавола) гузари 41 та уйдан иборат эди.

Гузар аҳолиси кичик савдо ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. Бу эрда ер эгалари ҳам яшаган. Уларнинг ерлари шаҳар ташқарисида жойлашган бўлиб, уларнинг ўзлари қишлоқ хўжалиги билан шуғулланмаган ва аксарият ҳолларда ўзларининг ерларини улушларга бўлиб  қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш учун бошқаларга ижарага беришган.  Аммо, улар ердан олинадиган даромадга яшаганликлари сабабли, уларни Бухорода “деҳқон” деб аташган.

Шайх Рангрез масжиди гузар масжиди ва шу билан биргаликда хонақоҳ ҳам бўлган, бу ерда зикр мажлислари ўтказиларди ва масжид  кубравия тариқати сўфий руҳонийлари бошқарувида эди.  Гузарда мактаб ва таҳоратхона ҳам мавжуд эди.

Гузарда авлиё Шайх Рангрез мақбаралари жойлашганганлиги сабабли, ушбу гузарга соҳибкаромат  авлиё Шайх Рангрез номлари берилган. Гузардаги мозор атрофида кичик қабристон бўлиб, у ерга фақатгина Шайх Рангрез авлодлари кўмилган.

Ҳазрат Шайх Гулрез шариат ва тариқат сабоғини Ҳазрат Шайхул Оламдан – Сайфиддин Боҳарзийдан ўрганган. Кубравия тариқати ривожига хизмат қилган. Соҳибкаромат  авлиё  Шайх  Рангрез  кунлардан  бир  кун  учта  рангсиз  оқ калавани  оқар  сувга  ботириб,  уч  хил  рангдаги  ипга  айлантирган.  Шогирдининг бу кароматларини  кўриб  пирлари  Шайхул  Олам  бу  зотга  Шайх  Рангрез (ёки  Шайх Гулрез) номларини берган ва шогирдини авлиёликка эришган деб тан олган. Шу билан биргаликда Шайхул  Олам шаҳар ташқарида бўлган қишлоқларни ўзларининг  фаолият таъсирида қолдириб, шогирдига шаҳар ичкарисидаги фаолият юритиш кўламини белгилаб берган.

Шайх Рангрез (Гулрез) номдаги мозор Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорийнинг “Тарихи Муллозода”  (XV аср) китобида шаҳар деворлари ташқарисида бўлганлиги ҳақида эслатиб ўтилган: “Ва Абу Бакр Ҳомид. Аллоҳ раҳмат қилсин, мозорининг шарқида Хожаи Гулрезнинг табаррук мозори жойлашган. Аллоҳ раҳмат қилсин. Бу ерда абдол ва хушбахтлар жам бўладиган жойдир. Айтишларича, у киши Шайх ул-олам хонадонининг дўстлари ва мулозимларидан бўлган, Аллоҳ Таоло унинг сирларини муқаддас қилсин”.

Шайх Рангрез ва Шайх Гулрез бир инсон эканлиги эътиборга олсак, Шайх Рангрез гузари ҳудуди XV асрда шаҳар деворлари қайта тиклангунига қадар шаҳар ташқарисида бўлганлигига гувоҳ бўламиз.

Гузарнинг иккинчи номи – Дарвозаи Кавола, худди шу номдаги дарвоза яқинидаги мавқеи билан изоҳланади. Ушбу ном 1818-19 йиллардаги вақф ҳужжатларида келтирилган.

Тахминан ўтган асрнинг биринчи ярмида гузар масжиди (ҳонақоҳ), Шайх Рангрез мақбараси ва мозор бузилган, йўқотилган.

Шайх Рангрез масжиди (фотосуратда у тўқ-сариқ рангда кўрсатилган) тушган биринчи архив фотосуратнинг (чапдан ўнгга) муаллифи –  француз табиатшуноси, ов қилиш ишқибози Эдмонд де Понсен. У Транскаспий классик маршрути бўйича саёҳат қилиб, 1893 йилнинг тахминан апрел ойида Самарқандга етиб келади  ва  Заравшан ҳавзасидаги ҳудудни ўрганишни бошлайди. Шу жумладан, Понсен Бухоро шаҳрига ҳам ташриф буюради. Ушбу фотосурат Э.Понсен томонидан 1893 йилнинг апрел ойида олинган.

Иккинчи фотосуратда Шайх Рангрез масжиди шарқий қисмининг чизилган расми акс эттирилган.


icon-car.pngKML-LogoFullscreen-LogoQR-code-logo
Мечеть Шайх Рангрез

loading map - please wait...

Мечеть Шайх Рангрез 39.774223, 64.428562 Широта: 39.773141 Долгота: 64.430921