1910-1911 йиллар давомида рус зобитлари Парфенов ва Фенинлар томонидан яратилган харитада Қолини Олий карвонсаройи #405 рақам остида белгиланган.

Биз ушбу карвонсаройни шартли равишда Сўзангарон гузарига боғладик. Сўзангарон гузарининг ўзи эски Бухоро шаҳрининг марказий қисмида жойлашган бўлиб, машҳур этнограф, шарқшунос олима О.А.Сухареванинг методологиясига кўра Гавкушон жариби (мавзеси)га тегишли бўлган.

XIX асрда қурилган Қолини Олий карвонсаройи (Қолини Олий – “Олийсифат гилам” маъносини англатади) меъморий жиҳатдан ҳовлиси бор, икки қаватли, ёғочдан ясалган бино эди.

Бухорода гилам ва палос савдоси унчалик кенг кўламли бўлмасада, аммо у мунтазам равишда олиб борилган. Бухорода доимо гилам бозорлари бўлган, шунинг учун “Бухоро гилами” атамаси савдо амалиётида қарор топган. Савдолар Амир (Сайид Амир Олимхон) мадрасасига туташ карвонсаройда амалга оширилган. Гиламлар (қолин) бу эрга Туркманистон туманларидан бири бўлган Карки орқали олиб келинган, палослар эса асосан Қаршидан олиб келинган, палослар у ерда яшовчи араблар томонидан тайёрланган. Қолини Олий карвонсаройида саккизта гилам дўконлари бор эди. Гилам сотувчилар ўзларининг савдо вакиллари орқали маҳаллий маҳсулотларни сотиб олишган.

Бухородаги энг йирик гилам савдогарлари Мулло Муҳаммаджон ва Мулло Полвонқул эди. Улар учун сотиб олинган гилам ва палослар Бухорода ойига икки марта туяларга ортилган карвонларда олиб келинарди. Ҳар сафар Каркидан тўртта туя, Қаршидан шунча туя келган. Товарлар ойига 25 минг танга атрофида олиб келинган. Ушбу гилам ва палосларни олувчилар  – Мулла Муҳаммаджон ва Мулла Полвонқул уларнинг бир қисмини ўзларининг дўконлари орқали сотиб, қолганлари бошқа гилам дўкон эгаларига қайта сотганлар.

Бухоронинг ўзида ва унинг туманларида асосан палосларга талаб катта бўлган. Гиламлар асосан Россияга ва чет элларга экспорт қилинарди, у ерда кичик ўлчамдаги гиламларга талаб катта эди. Баъзида Қолини олий карвонсаройига гилам ва палосдан тайёрланган хўржинлар ҳам олиб келинар эди, аммо улар бу эрда сотилмасди. Бухорода улар учун махсус савдо қатори бўлган (бозори хўржин). Хўржинларни карвон билан олиб келганда, бу ҳақда савдогарларга хабар беришган ва улар бутун олиб келинган маҳсулотни кўтарасига сотиб олишган.

Махсус бозор атрофида тўпланган гилам савдогарлари сайланган оқсоқолга ва ўзларининг даллолларига эга эдилар. Охирги оқсоқол Остонақул-оқсоқол бўлганлар.

Тахминларга кўра, Қолини Олий карвонсаройи ўтган асрнинг 30-йилларининг иккинчи ярмида бузиб ташланган. Ҳозирги кунда карвонсаройнинг собиқ жойида хусусий меҳмонхоналар жойлашган.

Биз Қолини Олий карвонсаройи тушган биринчи (чапдан ўнгга тартибида) архив фотосуратининг муаллифини  аниқлай олмадик (фотосуратда карвонсарой сариқ ранг билан белгиланган), бу фотосуратнинг манбаи РГАКФД (РФ) архивидир. Фотосурат 1927 йилда олинган.

Иккинчи фотосуратнинг муаллифини ҳам биз аниқлай олмадик, ушбу фотосуратнинг манбаси “Планета” нашриётининг фотоалбомидир. Фотосурат 1925-1935 йилларда олинган.

icon-car.pngKML-LogoFullscreen-LogoQR-code-logo
Караван-сарай Колини Олий

loading map - please wait...

Караван-сарай Колини Олий 39.775569, 64.415921 Широта: 39.775569 Долгота: 64.415921